Экстремизм ва терроризм – жамият учун таҳдид

Тожикистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келган. Аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани,Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган.

Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади.

Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди. Ушбу ҳолат давлатнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда.

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида ўзини “Ислом давлати” (ИШИД), “Жабҳат ал-Нусра” деб атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Афсуски, ёшлар муайян қисми ИШИДни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар, ақидапарастлар ёшларни авраб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, умуман, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва фуқаролар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанини тарк этишга тарғиб қилмоқда. Ваҳоланки, ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш айни ислом таълимотига зид ишдир. Замонавий терроризмнинг иккита алоҳида хатарли белгисини ажратиб кўрсатиш мумкин; бир томондан, у тобора шафқатсизроқ ғайриинсоний моҳият, иккинчи томондан, ақлга сиғдириш қийин жуғрофлй кўламлар касб этиб бормоқда. Америка Қӯшма Штатлари Давлат департаментининг маълумотларига кўра, ҳозирда дунёда ҳар йили 650 дан ортиқ бундай ҳодисалар содир этилмоқда. Бу дегани - ҳар куни дунёнинг у ёки бу бурчагида кимларнидир қўрқувга солиш орқали муайян мақсадларга эришишни кўзлаган, камида иккита қўпорувчилик амалга оширилмоқда. Хатарли жиҳати шундаки, уларнинг сони мунтазам ошиб бормоқда.

Экспертларнинг фикрича, дунёда фаолият кўрсатаётган террор­чилик ташкилотларининг юздан ошиғи энг замонавий қуроллар билан яхши таъминланган йирик уюшмалардан иборат. Улар турли қўпорувчиликларни содир этиш жараёнида ўзаро ҳамкорлик қиладилар, маълумотлар алмашадилар, зарур ҳолларда, бир-бирларига ҳарбий, молиявий ва бошқа шаклдаги ёрдамни кўрсатадилар. Бундай ташкилотларнинг энг йириклари қаторига «ал-Қоида», «ал-Жиҳод ал-Исломий», «ат-Такфир вал-Ҳижра», «Ҳизбуллоҳ», «ХАМАС» (Фаластин исломий қаршилик ҳаракати), «Абу Сайёф» (Филиппин), «Озод Ачех» ва «Лашкари жиҳод» (Индонезия), «Қуролли исломий ҳаракат» (Жазоир) кабиларни киритиш мумкин. Охирги йилларда халқаро миқёсда амал қилаётган яна бир исломий ташкилот - «Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий»нинг фаолияти асосли равишда дунёнинг турли мамлакатларидаги террорчилик амалиётларни содир этганликда кўрилмоқда.

Масаланинг яна бир таассуфли жиҳати шундаки, диний либосларга ўралган террорчи ташкилотларнинг мутлақ кўпчилиги муқаддас ислом динини ўзига ниқоб қилиб олган.

Динни қурол қилиб олган бундай экстремистик ҳаракатлар бугун умуман кишилик жамияти ҳаётига жиддий таҳдид солмоқда дейиш мумкин. Шунинг учун, бугун, сиёсатшуносликда «жамиятнинг диний хавфсизлиги» деган янги тушунча шаклланмоқда. Мутахассислар дин ниқоби остида содир этилаётган террорчилик ҳаракатларининг асл моҳиятини ифода этувчи илмий мезонларни қидирмоқдалар. Ҳуқуқий мазмун ва моҳиятга эга ана шундай атамалардан бири сифатида «диний-сиёсий терроризм» тушунчасидан фойдаланиш ва унинг халқаро миқёсда эътироф этилишига даъват этмоқдалар.

Фалсафа кафедрасини катта ӯқӯтувчиси Норбобоев Б. Б. ва ӯқитувчи Бегалиев Х.С.


МАРКАЗИ ИТТИЛООТ